Ахборот
28.03.2018

 Китоб — инсон тафаккурининг шамчироғи

Тошкент темир йўл мухандислари институти анжуманлар залида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти темир йўл минтакавий ташкилоти ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорликда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга бағишланган «Китоб — инсон тафаккурининг шамчироғи» мавзуида учрашув ўтказилди. Унда ЎҚЯОЖ темир йўл минтақавий ташкилоти вакиллари, институтнинг «Маънавият ва маърифат» ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими ходимлари, «Ёшлар иттифоқи» бошланғич ташкилоти, Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти  ва Мураббийлар кенгаши аъзолари, факултет декан муовинлари ҳамда талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2017-йил 12-январдаги «Китоб махсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутооласини ва китобхонлик маданиятини ошириш тўғрисида»ги Фармойиши ижросини таъминлаш максадида ташкил этилган тадбирни ЎҚЯОЖ темир йўл минтақавий ташкилоти бош мутахассиси Феруза Орипова олиб борди ва «Китоб ўқимаган талабани ким деб аташ мумкин»? «Замонавий ўзбек зиёлиси, қандай жиҳатларга эга бўлиши керак?» каби саволларга жавоб топиш максадида ушбу йиғилишни ўтказаётганини таъкидлади. Шунингдек, талабалар интернетга ва турли ҳил ижтимоий тармоқларга муккасидан кетаётгани, бу кўпинча замонавийлик билан изоҳланаётгани, китобдан йироқлашган ёшлар маънавий бўшлиқни ижтимоий тармоқлардаги асоссиз ахборотлар билан тўлдириб бораётганини келтириб, сўз навбатини «Дўстлик ордени» ва «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони соҳибаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Зулфия Мўминовага берди.

Юртимизда аёлларга бўлган эътибор ва бу борада хукуматимиз томонидан чиқарилган қарор ва фармонлар ижроси, тўйларни ихчамлаштириш бўйича олиб борилаётган одилона сиёсат, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида сўз юритган Зулфия Мўминова талаба ёшларнинг юқоридаги мавзулар юзасидан қизиқтирган саволларига жавоб берди. Ўзининг ҳаёти ва ижоди, китобнинг шоира ҳаётида тутган ўрни ҳақида гапирди. Китоб ҳар биримизга ҳаёт давомида тўғри ва холис йўл кўрсатишини, йўлдан адаштирмаслигини, китобни ҳам саралаб ўқиш кераклигини, китобхонлик қадимдан миллий кадриятларимизнинг ажралмас қисми бўлиб келганлигини таъкидлади.

Шундан сўнг «Аёлга бахт беринг, саодат беринг» номли шеърий тўпламидан шеърлар ўқиб берди. Учрашув жонли мулоқот, савол-жавоб тарзида ташкил этилиши боис қизғин ва самарали ўтди.

Бунёд  Жуманиязов

ТТЕ ва ТЛ факультети талабаси