Соғлом ҳаёт-соғлом жамият
28.03.2018
Китоб
28.03.2018

ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ЭЪТИБОР ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛДИ

 Хотин-қизлар фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга жалб этилмайди…

Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти эмас, хотин-қизлар қўллаб-қувватланади…

“Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди…

Ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Бу минг йиллардан бери исботланиб келаётган ҳақиқатдир. Хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг давлат қурилишидаги иштирокини таъминлаш мамлакатимизда ҳам давлат сиёсати даражасига кўтарилиб келинмоқда.

Бу сиёсат Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан чин маънода янги босқичга кўтарилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида “Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари” мавзусидаги семинарда шу ҳақда сўз борди. Тадбир темир йўл хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти ва Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси эксперти, профессор Жамила Шермуҳамедова, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Бош мутахассиси Дилором Қўзиева, Республика “Оила” илмий-амалий маркази катта илмий ходими, доцент Муҳиба Ҳамидова мазкур фармон мазмун-моҳиятини тадбир иштирокчилари эътиборига етказди. Сўзга чиққанлар, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар тўпланиб қолганлигидан кўз юмиб бўлмаслигини, қабул қилинган фармонда мавжуд камчилик ва муаммолар атрофлича таҳлил қилинганлиги ва аёлларни эъзозлаш, оилани ривожлантириш фақат шиорлару ҳисоботларда эмас, балки реал ҳаётда тасдиғини топиши учун аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилганлигини таъкидлади.

Фармонга биноан, бундан кейин Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари энг авввало, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлайди, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб боради ҳамда уларни манзилли қўллаб-қувватлайди.Шунингдек, Қўмита вакиллари хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга оширади.

Фармонда, Хотин-қизлар қўмитаси ва “Оила” маркази вакилларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқланиши қайд этилган.

2018 йил 1 мартдан бошлаб Хотин-қизлар қўмитаси, Республика “Оила” маркази ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари бошқарув аппарати ходимлари таркибига кирувчи пенсионерларга, уларнинг бу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда, пенсиялари тўлиқ тўланади. Шунингдек, фармонга биноан, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга бериладиган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди.

Мазкур фармон ижросининг сўзсиз таъминланиши ҳар бир аёлга ўз орзу-истакларини рўёбга чиқариши учун имконини яратади, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, юрт тақдирига, мамлакатимиз келажагига дахлдорлик ҳиссини янада оширади, деб ишонамиз.