Тадбир
05.02.2018
Акции
05.02.2018

“Озод ва обод ватанга бахшида умр”

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-3404-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 80 йиллик юбилейи муносабати билан Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасини ёд этишга бағишланган “Озод ва обод ватанга бахшида умр” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ташаббуси билан Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежида ташкил этилди. Тадбирда коллеж педагоглар жамоаси, ўқувчилар, коллеж “Ёшлар Иттифоқи” ва “Қизларжон” тўгараги фаоллари,Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Шохрух Башаратов, Ўзбекистон ИИВ Қоровул қўшинлари 7531-сонли харбий қисм вакиллари, Қизил Ярим Ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти вакиллари иштирок этдилар. Тадбирда давомида буюк давлат ва сиёсат арбоби, халқимизнинг азиз фарзанди Ислом Каримов бутун фаолиятини, ҳаётини Ватанимизнинг озодлиги, тинчлик-осойишталиги, халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун бахшида қилди. Тарихан қисқа даврда Ўзбекистон илгариги иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олиб, аҳолининг ҳаёт даражаси ғоят ачинарли аҳволга тушиб қолган қолоқ республикадан тез ва барқарор суръатлар билан тараққий этиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаган, қудратли давлатга айланиши, мустақиллик йилларида халқимиз улкан ютуқ ва марраларга эришиши, буларнинг барчаси Биринчи Президентимиз номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ эканлиги ҳақида сўз юритилди ва шу ҳақдаги лавҳалар намойиш этилди. Бундай инсоннинг хотирасига ҳурмат эҳтиром кўрсатиш ҳам шараф, ҳам фарздир. Зеро, Ватанимиз, халқимизга бутун борлиғини бахшида қилиб, фидойилик кўрсатиб яшаган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик руҳида, мустақилликка садоқатли қилиб тарбиялашга хизмат қилади. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти раҳнамолигида ўтган 25 йил ичида эришилган улкан ютуқлар, асрларга татигулик ўзгаришлар тарихимизнинг зарҳал саҳифаларидан мангу ўрин олди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов учун танг ахволга тушиб қолган мамлакатни оёққа қўйиш, иқтисодиётини тиклаш, миллий урф-одатларни қайтариш, демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, энг муҳими, халқимизда эртанги кунга ишончни уйғотиш осон кечгани йўқ. Уйқусиз тунлар, халқ дарди ва манфаатлари учун чекилган заҳматлар, музокаралар, эзгу мақсадлар йўлида ташланган дадил қадамлар ўз самарасини берди. Ислом Каримов халқ ишончини оқлади. Зеро Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур хис қиладиган атоқли раҳбар эканлигини ҳар томонлама тасдиқлади. Миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, миллатлараро тўқнашувлар ва бошқа зиддиятлар авж олган, мамлакатимизда фуқаролар уруши хавфи юзага келган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраган, бир сўз билан айтганда, эски замоннинг умри тугаб, янги замон бошланаётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевичнинг республика раҳбари этиб сайланиши яратганнинг халқимизга бебаҳо марҳамати бўлган эди. Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган букилмас ирода, фидойилик, мардлик ва ватанпарварлик, инсонийлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди. Ислом Каримов мамлакатимизда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамосидир: Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир, деб тўхталиб ўтдилар. Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон Давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, бутун жаҳонда «Ўзбек модели» деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида ватанимиз тарихида мангу қолади. халқимиз ўзининг тарихан қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг хизматлари, деб билади. Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад ўқувчи ёшларни Ислом Каримов хотирасини доимо ёд этишга ва мамлакатимиз биринчи Президенти ҳаёти ва фаолиятидан ибрат олишга ўргатиш, Ватаннинг  мард ўғлонининг буюк ишларини намойиш қилиш орқали уларда ватанпарварлик хиссини кучайтириш, ўз Ватани учун масъулиятни хис этиш руҳида тарбиялашдан иборатдир.

Барно  ОРИПОВА