“Одам савдоси қурбони бўлманг!”

Семинар-тренинг службы “Мехр-шафкат”
22.11.2017
Китоб – эзгуликнинг элчиси
12.12.2017

Бутун жаҳон афгор оммасининг эътиборини тортган одам савдоси билан боғлиқ масала юзасидан хукуматимиз томонидан амалга оширилаётган вазифалар ўзининг долзарблиги билан муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбарининг бевосита раҳнамолигида “Одам савдосига қарши курашиш бўйича” давлат сиёсати даражасида иш олиб борилмоқда. Бу борада ички ишлар ходимлари томонидан профилактик ишлар натижада бир қанча жиноий ишлар очилмоқда. Одам савдоси билан шуғулланувчи кимсалар қўлга олиниб жиноят курсисига ўтказилмоқда. Дарҳақиқат, одам савдоси муаммоси бугунги кунда дунё миқиёсида кенг кўламда ривожланиб бораётган, ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолардан бири. Кўпгина давлатларнинг фуқаролари каби минг афсуслар бўлсинки бизнинг айрим юртдошларимиз ҳам юқоридаги каби ушбу муаммо билан тўқнашиб, турли қийинчиликларга дуч келмоқдалар.

  Юртдошларимизни одам савдоси муаммосидан огоҳ этиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ташаббуси билан Тошкент темир йўл муҳандислари институтида, “Узтемирйўлйўловчи” ОАЖ тасарруфидаги ВЧД-2 корхонасида ва “Саломатлик” поезди тиббий бўлимида “Одам савдоси қурбони бўлманг” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Давра суҳбатида юртимизда 16 йилдан буён айнан одам савдосига қарши курашиш юзасидан фаолият олиб бораётган “Истиқболли авлод” ёшлар ахборот-маърифат маркази мутахассислари иштирок этдилар. Давра суҳбати давомида юртимиздаги иқтисодий ўтиш даврида айрим фуқароларимиз қўшимча даромад топиш ва моддий бойлик орттириш мақсадида инсон савдоси билан шуғулланувчиларнинг тузоғига кўр-кўрона илиниб, ушбу жиноят қурбонларининг сонини кун сайин ортиб боришига сабаб бўлаётгани, ушбу жиноят тури билан шуғулланувчи шахслар эса ўз

мақсадларини амалга ошириш бўйича асосан аёллар ва қизлардан фойдаланаётганлари, кўп ҳолларда ёшлар одам савдосининг жабрланувчилари бўлиб қолаётганлиги хусусида сўз юритилди. Иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислардан керакли жавоблар олдилар. Тадбир давомида иштирокчилар учун одам савдоси муаммоларига бағишланган ижтимоий роликлар намойиш этилди. Юртдошларимизнинг бугунги куннинг долзарб мавзусига айланган одам савдоси билан боғлиқ масалаларга бефарқ бўлмаслик, бу борада зийракроқ бўлишлари, алдов қурбонига айланиб қолмасликлари таъкидлаб ўтилган мазкур тадбир барчада катта таассурот қолдирди.

Бизнинг давлатимиз энг аввало ёш авлодни соғлом ва баркамол, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар этиб тарбиялашни ўзининг асосий вазифаси деб билади. Шунинг учун мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш умуммиллий масалага айланди. Бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши эса ёшларнинг илм тафаккурли бўлишга, ўзлигини англаб етишга, юрт шаъни миллат равнақи учун фидойи бўлишга ўргатади.

Феруза ОРИПОВА