Китоб – эзгуликнинг элчиси

“Одам савдоси қурбони бўлманг!”
12.12.2017
“Мурувват – кўнгилдан бошланади”
12.12.2017
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” (2017 йил 12 январ)ги фармойиши эълон қилинди. Мазкур фармойиш китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва ролини яна бир янги босқичга кўтарганлиги билан изоҳланади.

Мамлакатимиз раҳбарининг китоб, китобхонлик маданиятини яхшилаш тўғрисида куюниб гапираётганликларининг чуқур фалсафаси бор.  Биринчидан, юқорида қайд этилгани каби, китоб инсонни ердан кўкка кўтарувчи, унинг маънавий қувватини оширувчи буюк куч ҳисобланади. Иккинчидан, китоб инсониятнинг тарихий хотираси, барчамизни ўз маънавий-маърифий, илмий заминимизни мустаҳкамловчи, келажакни ёрқин кўрсатиб боришга қодир машъала ҳисобланади.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ташаббуси билан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, темирйўлчилар ўртасида илм-маърифатни юксалтириш, китоб бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини ёшлар онгига етказиш мақсадида “Китоб – эзгуликнинг элчиси” мавзусида Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежида ўқув юрти фаол ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоира, ижодкор аёл Фароғат Худойқулова ҳамда Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти темир йўл ташкилоти ижрочи директори Ю.Ғофуровалар иштирок этдилар.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш ва бу борада олиб бораётган одилона сиёсат, ижодкорларга айниқса ёш ижодкорларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоира Фароғат Худойқулова жорий йилда 100 йиллиги нишонланган давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, юртимизда бу борада ўтказилган тадбирлар ва уларда ёшлар иштироки ҳақида сўз юритди.
Тадбир давомида Фароғат Худойқулова ўзининг ижод намуналаридан ўқиб берди ва коллежнинг шеъриятга қизиқувчи, изланувчан ўқувчиларининг ҳам шеърларидан тинглади. Уларга Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди томонидан чоп этилган китоблардан совға қилди.
Тадбир қизиқарли савол-жавоблар асосида ўтиб барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Феруза ОРИПОВА