Аёл ҳуқуқи — миллат таянчи
20.11.2017
Ҳар бир болага меҳр эътибор!
20.11.2017

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан бир қатор вазирликлар ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида “Спорт-нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида спорт фестивали ўтказилди.

Ҳалқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда илк маротаба “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Темирйўл маликалари” жамоаси ҳам фаол иштирок этди. Қизлар спортнинг бешта тури, яъни гимнастрада, шахмат, бадминтон, сузиш ва стол тенниси бўйича ўзаро бахс олиб боришди.

 


— Юртимизда 39 спорт тури бўйича ташкил этилган 35 мингта спорт секциясига 3,5 миллиондан зиёд спортсевар хотин-қиз аъзо бўлиб, уларнинг 459582 нафари қишлоқ жойларида яшайди, — деди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Шоира Нурматова. — Шуларнинг 647656 нафари умумтаълим мактаблари, 221193 нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, 7 мингга яқини талаба, 129 мингдан зиёди меҳнат жамоалари, турли муассасалар ходимларидир. Улар орасида турон яккакураши, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати сингари миллий спорт турларига ошнолар ҳам талайгина. Уларга 2800 нафардан ортиқ аёл мураббийлар сабоқ бермоқда.

Халқаро хотин-қизлар куни ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ўтказилган мусобақада “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Темирйўл маликалари” жамоаси ҳам иштирок этди. Тошкент темир йўл муҳандислари институти жисмоний тарбия кафедраси ўқитувчилари Ирина Шкондина ва Ирина Недавнаялар спортнинг бадминтон тури бўйича, тиллар кафедраси ўқитувчилари Гулноза Расулова ҳамда Муҳаббат Қурбоновалар стол тенниси тури бўйича, Миробод Академик лицейининг математика фани ўқитувчилари Нодира Абдурахимова ҳамда Ҳароева Дилфузалар шахмат тури бўйича, Фотима Мухиддинова ва Дилобар Шохбозовалар сузиш тури бўйича, Марказий темирйўлчилар кутубхонаси ходималари Дилноза Жуманазарова ва Азиза Иномова, Марказий Поликлиника ҳамширалари Дилноза Ваҳобова, Зилола Қодирова, Марказий Клиник шифохона физиотерапея бўлими инстуктори Наврўза Вохидова, Темир йўл болалар шифохонаси ҳамшираси Зуля Рамазановалар спортнинг гимнастрада тури бўйича иштирок этиб ўзларининг билим ва иқтидорларини намоён этдилар.

Маълумки, мамлакатимизда хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида қатор ахамиятга молик ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам спортнинг аёлларга хос бўлган нафис ва нозик турларини янада ривожлантириш, спорт билан шуғулланишни аҳолининг кундалик турмуш тарзига айлантириш ва шу орқали аёллар саломатлигини мустаҳкамлашдан иборат.

— Мазкур спорт фестивали нафақат ўзаро рақобат майдони, балки янги танишувлар, янги хиссиётларга ошно қилди бизни, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти темирйўлчилар Марказий поликлинакаси ходими Дилноза Вахобова.

— Биз тиббиёт ходимлари спорт — саломатлик гарови эканлигини барчага бирдек уқтириш баробарида ўзимиз ҳам мунтазам шуғулланиб борамиз. Темирйўлчилар учун барча спорт мажмуаларида яратилган юқори даражадаги шароитлар бизнинг спортга қизиқишимизнинг ошишига ва бу орқали саломатлигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугунги фестивалда меҳнатимиз ва интилишимиз ўз самарасини берди, дейишим мумкин.

Таъкидлаб ўтиш лозим, темирйўлчи қизлар бу тадбирда илк маротаба қатнашганларига қарамай, Республика Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг етакчи жамоаларига муносиб қаршилик кўрсатишди. Улар айниқса, стол тенниси, бадминтон, шахмат беллашувларида кучли рақибларини шошириб қўйишди. Гимнастрада бўйича жамоа чиқишлари эса барчага бирдек манзур бўлди ва хакамлар томонидан “Энг намунали жамоа” сифатида эътироф этилди.

Қизларнинг харакатчанлиги, иштиёқини кўриб кўзимиз қувонди, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти хотин қизлар қўмитаси раиси Наргиза Алимухамедова. Улар рақибларидан асло қолишмай фаол иштирок этишди. Бу борада уларга жамият миқёсида корхоналар ўртасида ташкил этилган қатор мусобақалардаги тажриба асқотди, дейиш мумкин. Энг эътиборлиси, беллашувлар якунига кўра, кейинги фестивалларда бундан юқори ўринлар учун кураша олишимизга ишонч хосил қилдик.

Тадбир якунида барча иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Барно Орипова