Zebolar bahsi 2013
20.11.2017
Байрам саёҳати
20.11.2017

“Савоб ишни ҳар ким қилиши керак!”

Минг йиллик одатларимиз, муқаддас китобларимизда айтиб ўтилганидек, инсонни суяш, эъзозлаш, меҳр-мурувватли бўлиш, оқибат кўрсатиш одамзотнинг гўзал фазилатларидан саналади. Бугун юртимизда кечаётган ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ҳар бирида инсон манфаатлари, халқ фаровонлиги ва юрт осудалиги каби улуғ ғоялар мужассамдир. Барча бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари шу халқнинг фаровон ҳаёти, фуқароларнинг ўз юртида қадрланиб яшаши учун амалга оширилмоқда. Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ҳам ўз фаолияти мобайнида кўплаб хайрли ишларни амалга ошириб юртимизда инсон манфаатларининг қадрланишига муносиб ҳисса қўшмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбариятининг доимий қўллаб-қувватлаши орқали ўзининг инсонпарварлик ва меҳр-шафқат вазифаларини бажариб келаётган Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз қариялар, ногиронлар, кўп болали оилалар ва боқувчисини йўқотган етим болаларни, республикамизда ишлаб меҳнат қилаётган темирйўлчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириб келади. Мазкур хайрли тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26-декабрдаги 415-сонли «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида темир йўл тизимида ҳар йили феврал ойини ташкилот жамғармасига маблағ тўплаш ойлиги деб эълон қилиниши яхши анъанага айланган. Шу муносабат билан, 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да мазкур анъанани давом эттириш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосарининг 01.02.2018 йилдаги № 186-НЗ-сонли буйруғи эълон қилинди. Ушбу буйруқда меҳнат жамоаларини маблағ тўплаш ойлигида ишчиларнинг розилиги билан Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти жамғармасига ихтиёрий равишда маблағ ўтказилиши, мазкур маблағ темирйўлчиларнинг эхтиёжманд қатламини ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлашда, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва муносабат билдириш борасидаги дастурларни молиялаштиришда, хайрия тадбирлари ҳамда мурувват ёрдамлари кўрсатишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши алоҳида кўрсатиб ўтилган. Ўйлаймизки, Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти жамғармасига ихтиёрий хайрия йиғиш умуммиллий декадасида доимгидек “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбариятидан бошлаб тизимдаги ўқув юртлари, корхона ва ташкилотлар, темирйўлчи ишчи-хизматчилар фаол иштирок этадилар. Зотан, бизлар бешигида савобли ишни юрагига жойлаган мурувватли халқмиз. Боболари оқибат кўрсатиб, момолари меҳрини бериб улғайтирган муқаддас маскан она юртимиз ободлиги шу каби хайрли ва эзгу ишлар билан салмоқлидир. Қолаверса, донишманд халқимиз таъбири билан айтганда “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, ҳар куни қилиши керак!”.

Феруза  ОРИПОВА